14 апрель куни Халқаро пресс-клубнинг «Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичдаги долзарб масалалари» мавзусида сессияси бўлиб ўтди. Унда Абдулазиз Комилов ҳамда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. 

Хусусан, Сафоевдан Ўзбекистонда сармоявий муҳитни яхшилаш ҳақида сўрашди. 

“Бу ташқи сиёсат, ташқи иқтисодий сиёсатнинг табиий қисми. Ўзбекистон учун бу жуда муҳим масала. Мустақиллик йилларида шароитлар яратиш учун кўп нарса қилинди. Бироқ, шуни айтишим мумкинки, биз рақобатбардош сармоявий муҳитни ярата олмадик. Бу факт. Шуни айтиш керакки, энг устувор вазифалардан бири – бу Ўзбекистон Республикасининг сармоявий қулайлигини яхшилаш учун чора-тадбирларни амалга оширишдир. Бу умуман янгича ёндашувларни талаб этади. Қатъий чоралар керак. Улар биринчи навбатда, валюта бозорини либераллаштиришга тегишли. Бунинг устида ишланмоқда, тегишли ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда”, - дейди Содиқ Сафоев.