АҚШ президенти Дональд Трамп Америка ҳарбийларининг Афғонистондаги ИШИД бўлинмаларига берган зарбаларини "жуда муваффақиятли ижро этилган вазифа" деб атади.  

"Нима бўлганини ҳамма аниқ билади. Мен нима қилаяпман? Мен ҳарбийларга буйруқ бераман. Бизда дунёдаги энг буюк қуролли кучлар бор ва улар, одатдагидек, ўз ишларини қилмоқда. Биз уларга ҳуқуқ берганмиз, бу эса, улар ҳозирда амалга ошираётган ишдир", — деган Трамп журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, бу "навбатдаги жуда, жуда муваффақиятли уддаланган вазифа бўлди".

Аввалроқ, Пентагонда маълум қилганларидек, АҚШ Афғонистондаги ИШИД туннелларига энг кучли GBU-43 ноядро бомбасини ташлаб, биринчи марта жанговар шароитларда қўллаган эди. 9,5 тонналик бомба MC-130 самолётидан ташланди. Умуман, хабарларга кўра, АҚШ қуролли кучларида 15 дона шундай бомба бор.