Ўзбекистон туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва Қозоғистон маданият ва спорт вазирлиги туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолади. Бу ҳақда Газета.уз хабар берди.

Имзолаш маросими Ўзбекистон туризмни ривожлантириш бўйича Давлат қўмитаси раиси Анвар Шаропов ҳамда Қозоғистон маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухамедиуланинг “Дам олиш дунёси-2017” бешинчи Халқаро ўзбек туристик кўргазмаси доирасида бўлиб ўтди.

Қозоғистон вазирлиги раҳбарининг хабар беришича, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида туристик оқим ҳажмини ошириш учун иккита янги ўтказиш пункти очилади, шунингдек амалдаги учтаси кечаю кундузлик режимга ўтказилади.

Ҳар икки томонга сайёҳлар оқимининг ортишига давлатлар ўртасидаги темир йўли ва автобус қатновининг ривожланиши туртки бериши керак. Яқинда “Олмаота-Тошкент-Олмаота” тезюрар йўловчи поезди ишга туширилди.

Ўзбекистонлик туристлар Қозоғистондаги Боровое дам олиш ҳудуди, Балхаш ва Алакўл кўлларига, “Чимбулоқ” тоғ-чанғи курорти, Остона ва Олмаота шаҳарларига кўпроқ боришса, қозоғистонлик туристлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани танлашади.