АҚШ раҳбарияти мамлакатни икки фронтда – Сурия ва Шимолий Кореяда жанг қилишга олиб бормоқда. Агар бу ихтилофлар Вашингтоннинг Хитой ва Россия қуролли кучлари билан қарама-қаршилигига айланиб кетса, АҚШ вазиятнинг бундай тус олишига тайёр бўлмайди, деб ёзмоқда Huffington Post портали шарҳловчиси Жейсон Белчер.

Шимолий Кореядаги операция Вашингтонни Пекин билан ихтилофга боришига, Сурияга зарба беришлари эса Москва билан қарама-қаршиликка сабаб бўлиши мумкин. Журналистнинг фикрича, АҚШ, Хитой ва Россия иқтисодий алоқалар сабабли бир-бирлари билан ихтилофга бормасликлари тарих томондан инкор қилиниши мумкин, чунки шундай важлар Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари олдидан ҳам келтирилган, бироқ бу ихтилофлар барибир юз берган.  

"Суриянинг тўлиб-тошган осмонида АҚШ самолётлари Россиянинг ракета зарбаси хавфи остида ҳаракат қилишига тўғри келади: томонлардан бирининг бирор-бир хатоси билан самолёт уриб туширилса, бу катта кўламли ихтилофни келтириб чиқаради", деб айтмоқда Белчер.

Журналистнинг фикрича, Хитой Корея яриморолида ихтилоф юз бериши ҳолатида АҚШ армиясининг "технологик устунлигини" йўққа чиқариши мумкин бўлган иккита устунликка эга. Хитой катта инсоний захираларга эга ва Шимолий Корея билан чегарадош, бу эса Хитой армиясига қуруқликдаги қўшинларни Шимолий Кореяга тезда ташлашга имкон беради.  

"Миллат унинг фуқаролари зарур деб ҳисобласагина урушга бориши керак. Бугунги кунда АҚШда бундай эҳтиёж йўқ. Иккинчи жаҳон урушида бўлгандек, бизни икки фронтда жанг қилишга душманлар мажбур қилмаяпти, биз ўзимиз буни танламоқдамиз. Бу биз қилишимиз керак бўлмаган танловдир, чунки хавфдан қочишнинг иложи йўқ. Бу биз ҳеч қандай наф кўрмайдиган хавф-хатардир ва биз миллат сифатида бунга тайёр эмасмиз", деб ўз фикрларини хулосалади журналист.