"Реал" ҳужумчиси Криштиану Роналду ва унинг агенти Жорже Мендеш футболчи 2009 йилда бир қизнинг номусига теккани ҳақида пайдо бўлган ахборотни рад этиб чиқдилар. Роналду Der Spiegel немис нашрида чоп этилган бу ҳақдаги маълумотни "журналистик фантастика" деб атади ва нашрга қарши "ихтиёрида бўлган барча воситалар" билан қарши чиқиш ниятидалигини айтди.

Аввалроқ немис нашри футболчи вакиллари қизнинг сирни яшириши учун унга 375 минг доллар тўлаганлари ҳақида маълум қилганди.

"Der Spiegel немис нашри бугун гўёки 8 йил аввал Криштиану Роналду номусга теккани ҳақидаги мақолани чоп этди. Бу журналистик фантастиканинг бир қисмидир. Эҳтимолий жабрдийда ўзини танитишни ва бу воқеани тасдиқлашдан бош тортмоқда. Мақоладаги бутун воқеа имзоланмаган ҳужжатларга асосланган. Унда иштирокчилар танитилмаган ва электрон ёзишма Роналду манфаатларини билдирмайдиган адвокатлар томонидан олиб борилган. Эҳтимолий жабрдийда томонидан гўёки жўнатилган мактубни Криштиану ҳеч қачон олмаган. Нашрдаги ахборот ёлғондир. Футболчи нашрга ўзида мавжуд барча воситалар билан қарши чиқмоқчи. Номусга тегиш бўйича айбловлар жирканч ва шармандали айбловлар ҳисобланади ва бу ёлғон жазосиз қолиши мумкин эмас", деб айтган Мендеш.

Аввалроқ немис нашри Роналдуни жинсий зўравонлик қилишда айблаб чиқди. Манба берган хабарга кўра, воқеа 2009 йилнинг 13 июнь куни Лас-Вегасда (Невада штати) содир бўлган. Ўшанда Роналду қариндошлари билан дам олаётган бўлган. Нашрда ёзилишича, ўша пайтда 20 ёшлар атрофида бўлган америкалик қиз Роналду унга жинсий тажовуз қилганини айтган.

Таъкидланишича, Роналдунинг адвокати 2010 йилнинг 12 январида қизга Роналдуга қўйган айбидан воз кечиши ва жим юриши учун 375 минг доллар товон пули тўлаган.

Роналду бундай абйловларга биринчи марта дуч келаётгани йўқ. 2005 йилда Роналду "Манчестер Юнайтед" ўйинчиси бўлган кезларда, икки аёлга тегажоғлик қилиш гумони билан ҳибсга олинган ва гаров пули эвазига қўйиб юборилган. Кейинроқ футболчига қўйилган барча айбловлар ундан олиб ташланган.