Сурия армиясининг 2013 йилда дезертирлик қилган генерали Зоҳир Ас Сакат мамлакат президенти Башар Асадни юзлаб тонна кимёвий қуролни яшириб қўйганликда айблади. У бу ҳақда The Telegraph нашрига сўзлаб берган.

2016 йили Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) Сурия ҳудудидаги қимёвий қурол тўлиқ йўқ қилингани ёки олиб чиқилганини маълум қилган эди. Бироқ, Ас Сакатнинг таъкидлашича, Сурия ҳукумати бу қуролнинг бир қисмини йўқ қилишга рози бўлган. 

«Улар 1,3 минг тонна шундай қурол борлигини айтишди, аслида захира 2 баравар кўп эди. Энг камида 2 минг тонна бор эди», — деган собиқ генерал. 

Нашрнинг қайд этишича, Ас Сакат Сурия армиясининг кимёви қурол соҳасидаги энг қюори лавозимли мулозимларидан бири бўлган. У, шунингдек, мамлакатдан қочганига қарамай, ҳукумат расмийлари билан алоқаларини сақлаб қолган. 

Сурия армиясининг собиқ генерали ишонч билдиришича, Сурия ихтиёрида катта миқдорда заин моддаси сақланиб қолган. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Сурия армиясида кимёвий қуролларни элта оладиган авиабомбалар ҳам бор.