Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов 18-19 апрель кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи уюштиради. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги сайтида маълум қилинди.

"Юқорилардаги учрашув дўстона Туркманистон-Қозоғистон муносабатлари тарихига муҳим бобни киритишга чорланган", дейилган хабарда.

Маълум қилинишича, Бердимухамедов Туркманистоннинг Остонада 10 июндан 10 сентябргача ўтадиган "ЭКСПО-2017" халқаро кўргазмасида иштирок этиши ҳақидаги қарорни имзолаган.

Қозоғистон ва Туркманистон президентларининг Остонада ўтадиган музокаралари давомида асосий эътибор савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилади.   

Нурсултон Назарбоев февраль ойида Бердимухамедовни Туркманистон президенти сайловларидаги ғалабаси билан табриклаб, уни Қозоғистонга келишга таклиф қилганди. Бердимухамедов таклифни қабул қилганди.