Афғонистон президенти Ашраф Ғани 16 апрелда АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Герберт Макмастер билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда "Синьхуа" ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Ахборот агентлигининг маълум қилишича, томонлар Афғонистондаги хавфсизлик соҳасидаги вазиятни ва икки томонлама муносабатлар масалаларини муҳокама қилишган.  

12 апрелда Трамп НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан музокаралар натижаларига кўра, Макмастер Афғонистонга "АҚШ афғонистонлик ҳамкорлари ва НАТО бўйича иттифоқдошлари билан тараққиётга эриша олишини тушуниш учун" жўнашини маълум қилганди. 

14 апрелда Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмак бериш мақсадида минтақавий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. 

2016 йил 27 декабрда биринчи учрашув бўлиб ўтган ва унда Россия, Хитой ва Покистон иштирок этган. 15 февралдаги учрашувда эса уларга Афғонистон, Эрон ва Ҳиндистон вакиллари қўшилишган. 

14 апрелдаги маслаҳатлашувларда шунингдек Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон иштирок этди. АҚШ таклифни қабул қилмаган. Барча учрашувлар Москвада ўтган.

Афғонистон ҳукумати маслаҳатлашувларнинг кейинги раундини Кобулда ўтказмоқчи ва унга аввалги иштирокчилардан ташқари, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бир қатор хорижий ҳамкорларни таклиф қилмоқчи. Учрашувнинг санаси ҳукумат томонидан белгиланади.