Буюк Британия парламенти аъзолари мамлакат ички ишлар вазирлигига Сурия президенти Башар Асаднинг рафиқаси, Лондонда туғилган Асма Асадни Британия фуқаролигидан маҳрум қилиш талаби билан мурожаат қилишди. 

Суриянинг биринчи хоними Асма Асад (қизликдаги исми Фаваз ал-Ахрас) Лондонда 1975 йилда туғилган. Унинг ота-онаси Суриянинг Хомс шаҳридан бўлиб, ўша кезларда Лондонда яшашган. Асманинг отаси кардиолог, онаси истеъфодаги дипломат. Асма Лондондаги қизлар учун мактабни битирган, Лондон университетининг Қироллик коллежини компьютер технологиялари ва француз адабиёти йўналишлари бўйича имтиёзли диплом билан якунлаган. Унинг оиласи 2000 йилда Сурияга қайтган. Шу йилнинг ўзида Асма Башар Асадга турмушга чиққан.

Британиялик депутатлар бир неча сурияликнинг илтимосига кўра Асмани Британия фуқаролигидан маҳрум қилишни талаб қилишмоқда. Шунингдек, Асмани фуқароликдан маҳрум қилиш масаласи қуйи палатада ҳам кўтарилмоқчи. 

Асма Асад икки: Британия ва Сурия фуқаролигига эга. Аввалроқ у Суриядан кетиш ниятида эмаслигини айтганди.