Франция Ички хавфсизлик бош бошқармаси мамлакат президентлиги учун номзодларни сайловолди жараёни вақтида экстремистлар томонидан жиддий хавф мавжудлиги ҳақида огоҳлантирди.

Le Journal du Dimanche нашрининг ёзишича, огоҳлантириш ҳақида билдиришномалар ўтган ҳафтада номзодларнинг штабларига йўлланган. Шунингдек, уларни қўриқлашга масъул бўлган полиция хизматларига тегишли маълумотлар тақдим этилган.

«Террорчилик хавфи юқори даражада, барча хизматларимиз шай ҳолатга келтирилган», — дея маълум қилган Франция ИИВ раҳбари Маттиас Фекль.

Франция президенти лавозимига номзодлар ўн бир кишидан иборат. Уларнинг беш нафари сайловолди сўровларида етакчилик қилди, булар — ўнг «Миллий фронт» раиси Марин Ле Пен, «Олға» партияси етакчиси, социал-либерал Эммануэль Макрон, ўнг марказчиларнинг «Республикачилар» партиясидан номзод Франсуа Фийон, «Социалистик партия» праймеризи ғолиби Бенуа Амон ва ўта сўллар вакили, «Бўйсунмаган Франция» асосчиси Жан-Люк Меланшон.

«Олға» партиясидан номзод Эммануэль Макрон сайловолди мунозараларнинг биринчи раундида энг яхши кўрсаткични намоён қилган.