Туркия бош вазири Бинали Йилдирим конституцияга тузатиш киритишга доир референдумда овоз берди ва овоз беришнинг ҳар қандай натижасини қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақида у ўз овозини берган Измир шаҳрида маълум қилди.

"Бугун Туркиянинг барча бурчакларида фуқаролар хотиржам овоз беришмоқда. Кечқурун овозлар ҳисобланади ва биринчи натижалар маълум қилинади. Натижалар қандай бўлишига қарамай, бу халқимизнинг танлови бўлади - унинг энг яхши қарори мамлакат учун муваффақиятлидир", - деди у. Йилдирим мамлакат олий раҳбариятининг аъзолари орасида биринчилардан бўлиб  овоз берди. 

Бироздан сўнг Истанбулда Туркия президенти Тоййиб Эрдўған овоз беради. Парламент спикери Исмоил Қаҳрамон ва мухолифат партия раислари Анқарадаги сайлов участкаларида овоз беришади. Туркия фуқаролари расмий рўйхатдан ўтган манзиллари бўйича овоз беришади, шунинг учун ҳукумат аъзоларининг ҳар бири ўз минтақасидадир. Кечқурун бюллетенларни ҳисоблаш жараёнини кузатиш учун Анқарага етиб боришади.

Туркиянинг кўплаб машҳур кишилари ҳам овоз бериш жараёнида қатнашмоқда. Жумладан, қўшичилар Иброҳим Татлисас ва Таркан ўз сайлов участкаларида овоз беришди, Татлисас барчани "ўз фуқаролик бурчини бажариб, овоз беришда қатнашиш"га чақирди.