14-15 апрель кунлари Қатар Юлдузлар лигасида мавсумнинг охирги тур учрашувлари бўлиб ўтди.

Ушбу чемпионатда тўп сурувчи ўзбекистонлик футболчилар мавсумни кўтаринки руҳда якунлашди. Аввалига «Ас-Сайлия» аъзоси Темурхўжа Абдухолиқов дубль қайд этиб, жамоасининг тўпурари сифатида мавсумни якунлади, кейинги кунда Сардор Рашидов («Ал-Жаиш») ва Санжар Турсунов («Ал-Ҳарайтият») ўз жамоалари сафида голларга муаллифлик қилишди.

Абдухолиқов аъзоси бўлган «Ас-Сайлия» клуби ўз майдонида «Ал-Вакра» устидан 3:1 ҳисобида зафар қучди. Абдухолиқов ўйиндаги биринчи ва охирги голларни урди. «Ас-Сайлия» сафидаги яна бир ўзбекистонлик футболчи Санжар Шоаҳмедов ҳам ўйинда иштирок этди.

Мавсумнинг иккинчи даврасида «Ас-Сайлия» сафига қўшилган Темурхўжа Абдухолиқов 10та ўйинда майдонга тушиб, 7та гол урди.  У мавсум давомида шунча гол урган (24та ўйинда) жамоадоши Муҳаммад Муттазир билан бир хил натижа қайд этди.  «Ас-Сайлия» мавсумни 31 очко тўплаган ҳолда 8-ўринда якунлади.

Сардор Рашидов ва «Ал-Жаиш» мавсумни мағлубият билан якунлади. «Ас-Садд»га қарши кечган ва 1:2 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган ўйинда Рашидов Ван Бастен услубида гол урди. «Ал-Жаиш» 45 очко билан мавсумни 4-ўринда якунлади. «Ас-Садд» бу ғалабадан сўнг очколари сонини 61тага етказиб олди ва турнирнинг кумуш медаль совриндорига айланди. 

Сардор Рашидов мавсумда 24та учрашувда иштирок этиб, 13та гол урди. У Юлдузлар лигаси тўпурарлари жадвалида 7-ўринда жойлашди.

Ўзбекистонлик яна бир футболчи Санжар Турсунов тўп сураётган «Ал-Ҳарайтият» жамоаси мавсумнинг охирги турида «Ал-Гарафа»ни қабул қилди.

Учрашувнинг 9-дақиқасида Санжар Турсунов ҳисобни очувчи голни урди. Ўйинда Турсунов жамоаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мавсумни 34 очко билан 7-ўринда тугатди. Иккинчи даврада жамоага қўшилган Турсунов 13 учрашувда асосий таркибда ҳаракат қилиб, 2та гол урди.

Қатар чемпионатида «Лаҳвия» 63 очко билан чемпион бўлди. Иккинчи ўринни «Ал Садд» (61 очко), учинчи ўринни «Ал Райян» (51 очко) эгаллади. «Ал Муайдар» ва «Ал Вакра» лигани тарк этди.

Шу тариқа, Қатардаги ўзбекистонлик футболчилар мавсумни якунлашди. Ушбу футболчилар кейинги мавсумда ҳам Қатарнинг биринчи лигасида иштирокларини давом эттиришади.