Нигерияда коррупцияга қарши курашувчи махсус бўлим томонидан ўтказилган операция давомида 43 миллион доллардан зиёд пул топилди. Шуниси қизиқки, пуллар топилган уйда расман ҳеч ким яшамаган, ноқонуний пулларни аниқлашга аноним ахборотчи ёрдам берган.

Нигерия федерал кенгашининг Иқтисодий ва молиявий жиноятлар бўйича комиссияси (EFCC) Лагос шаҳрининг Осборн-Тауэрс туманидаги уйлардан биридаги шубҳали фаолият ҳақида хабар топади. 

Аноним манбанинг хабар беришича, квартирага қўлларида сумкалар бўлган одамлар кириб-чиқиб юришган, қизиқиш билдирганларга сумкалар ичида кийимлар жойлангани айтилган. Турар-жой қўриқчиларининг маълум қилишича, бу иншоотдан узоқ вақт давомида ҳеч ким фойдаланмаган, унга фақат вақти-вақти билан "кир кийим кийган ориқ аёл" келиб-кетиб турган.

Суддан рухсат олган хавфсизлик кучлари еттинчи қаватдаги тўрт хонали уйнинг эшигини бузиб киришган. Унда олов ўтказмайдиган уч шкаф бўлган, уларнинг ичидан эса тартиб билан жойланган валюталар топилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари умумий ҳисобда 43 миллион доллар, 27 минг фунт стерлинг ва 23 миллиондан ортиқ Нигерия найрини олиб кетишган.

Нигерия ҳукумати 2016 йилнинг декабрида коррупция билан курашиш кампанияси доирасида аноним ахборот беришга доир махсус дастурнинг бошланиши ҳақида эълон қилганди. Дастур фуқароларнинг гумонлари ҳақида ҳимояланган интернет-портал орқали хабар беришини рағбатлантиради. 

Сайт маълумотларига кўра, ахборотчи молиявий жиноятнинг олдини олишга ёрдам берса, мусодара қилинган пулларнинг 2,5-5 фоизи билан мукофотланиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Шундай қилиб, Лагосдаги уйдан топилган пулларнинг ноқонуний келиб чиқишга эга экани исботланса, аноним ахборотчи тахминан 2 миллион долларга даъвогарлик қилиши мумкин.  Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда. 

2017 йилнинг февралида Нигерия ахборот вазири Лай Муҳаммад янги дастур 160 миллион долларни аниқлашга ёрдам берганини маълум қилганди.