АҚШнинг янги маъмурияти жорий босқичда Жанубий Корея ҳудудида ўз ядровий қуролини жойлаштирмоқчи эмас. Бу ҳақда журналистларга АҚШ вице-президенти Майкл Пенсга Осиё-Тинч океани минтақаси бўйлаб турнеда ҳамроҳлик қилган, Оқ уй маъмуриятидаги ташқи сиёсий маслаҳатчилардан бири маълум қилди. 

Оқ уй вакилидан Шимолий Корея янги ракета синовларини ўтказиши сабабли АҚШ ҳукуматида Корея яриморолида ядровий қурол жойлаштириш режалари бор-йўқлиги ҳақида сўралган. "Биз бу яриморолдан ядровий каллакларни олиб чиқиш учун катта саъй-ҳаракатлар амалга оширганмиз. Шунинг учун айни вақтда бундай режа йўқ", деб жавоб берган.

АҚШ вакилининг айтишича, АҚШнинг THAAD зенит-ракета мажмуаси батареясини Жанубий Кореяга жойлаштириш режасининг кейинги тақдири Жанубий Кореянинг янги президентига боғлиқ бўлади. 

Пенс делегацияси вакилининг таъкидлашича, THAAD батареяларини Жанубий Кореяда жойлаштириш масаласи "олдинга силжимоқда, бироқ ҳали ҳам ҳал қилиш керак бўлган жиҳатлар бор". "Ҳукумат қабул қиладиган ҳар қандай қарор каби бу бир неча ҳафта ёки ойларга чўзилиши мумкин. Иш силжимоқда, бироқ очиқчасига айтганда, жанубликларда май ойи бошида президент пайдо бўлмагунча бирор нарса дейиш қийин. Фикримча, бу қарорни кейинги президент қабул қилишга ҳақли", деб айтган Оқ уй вакили.

Кейинроқ Пенснинг Сеулга келган бошқа расмий вакили "THAAD’нинг Жанубий Кореяда жойлаштирилиши бўйича ўзгаришлар" йўқлигини таъкидлаб ўтган.