14-15 апрель кунларида футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 6-тури учрашувлари ўтказилди.

Жума куни турнир мавсумни яхши бошлаган «Машъал» ва «Қўқон—1912» клублари Муборакда тўқнаш келди. Ўйиннинг асосий вақти тугаши арафасида мезбонлар мағлубиятдан қутулиб қолди — 1:1.

Қўлга киритилган 1 очко қўқонликлар жамоасини турнир жадвали пешқадамида вақтинча пешқадамга айлантирди..

Тошкентда эса «Обод» «Олмалиқ» клубига имкониятни бой берди — 0:1. 

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бош мураббий алмашганидан кейин ҳам қониқарсиз натижа кўрсатишда давом этди. «Шўртан» меҳмони бўлган Равшан Ҳайдаров шогирдлари 0:3 ҳисобидаги мағлубиятга учради.

«Шўртан»да ҳам 4-турдан кейин бош мураббий Александр Волков ишдан бўшатилганди. Шундан сўнг ғузорликлар клуби «Локомотив» ва «Пахтакор» клубларини 2:0 ҳамда 3:0 ҳисобларида мағлуб этди.

6-турнинг марказий учрашуви пойтахтда бўлиб, унда мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Локомотив» Қаршининг «Насаф» клубини қабул қилди ва турнир жадвалидаги тўғридан-тўғри рақиби (бу икки жамоа ҳам тур арафасида 9тадан очко тўплаб турганди) 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди «Локомотив» 12 очко билан турнир жадвали пешқадами бўлиб турибди.

Мавсумни кетма-кет 3 ғалаба билан бошлаб мухлислар эътиборини ўзига қаратган Самарқанднинг «Динамо» клуби кейинги икки турда мағлуб бўлиб, мухлисларини хафа қилганди. Жамоа бу турда «Бухоро»ни 3:1 ҳисобида енгиб, 12 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида иккинчи поғонага жойлашди.

«Металлург» — «Навбаҳор» учрашувида нурсиз дуранг қайд этилди - 0:0.

«Нефтчи» — «Бунёдкор» учрашуви, бугун, 16 апрель кунига белгиланган.

Ўзбекистон Олий лигаси
6-тур ўйинлари

«Машъал» — «Қўқон—1912» 1:1
Голлар: Акмал Холмуродов, 75 (0:1). Ҳумоюн Муртазоев, 89 (1:1).

«Обод» — «Олмалиқ» 0:1
Гол: Владислав Касминин 70, (0:1).

«Шўртан» — «Пахтакор» 3:0
Голлар: Игорь Таран, 34 (1:0). Ғулом Раҳмонов, 71 (2:0). Игорь Таран, 81 (3:0).

«Локомотив» — «Насаф» 2:1
Голлар: Марат Бикмаев, 32 (1:0). Марат Бикмаев, 51 (2:0). Шароф Муҳитдинов, 90 (2:1).

«Динамо» — «Бухоро» 3:1
Голлар: Ориф Мамажонов, 22 (1:0). Жавоҳир Қаҳрамонов, 57 (2:0). Баҳриддин Ваҳобов, 64 (2:1). Амиржон Сафаров, 90 (3:1).

«Қизилқум» — «Сўғдиёна» 1:1
Голлар: Санжар Рашидов, 27 (0:1). Илҳом Юнусов, 52-пен (1:1).

«Металлург» — «Навбаҳор» 0:0