16 апрелда Озарбойжон қуролли кучларининг катта кўламли ҳарбий машғулотлари бошланади. Бу машғулотларда 30 минггача ҳарбий иштирок этади, шароитлар жанговар шароитларга яқин бўлади. 

Арманистон бу машғулотлар халқаро меъёрлар бузилиши билан ўтказилаётганини айтиб, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига (ЁХҲТ) мурожаат йўллади.

Аввалроқ Озарбойжон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати мамлакат президенти томондан тасдиқланган режага кўра, 16-24 апрель кунлари қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги, кучлар ва воситаларни бошқаришни ташкиллаштириш, уларнинг жанговар шароитларга яқинлаштирилган шароитларда ўзаро ҳаракатланишини текшириш мақсадида машғулотлар ўтказилишини маълум қилган.

Машғулотларга шахсий таркибнинг 30 минггача ҳарбийси, 250 дан ортиқ зирҳли техника ва танк, 200 тагача турли калибрдаги ракета-артиллерия қурилмалари, ялпи ўт очиш реактив тизимлари ва миномётлар, ҳарбий авиациянинг турли мақсаддаги 25 та техникаси, радиоэлектрон разведканинг янги воситалари ва учувчисиз парвоз қурилмалари жалб қилинади. 

Машғулотлар давомида замонавий умумқўшин жанги ва мураккаб рельеф шароитида операциялар олиб боришнинг турли усуллари машқ қилинади.

Арманистон бу машғулотларнинг ўтказилишига қарши чиқмоқда. "Вена ҳужжати бўйича мажбуриятлар ва ЕХҲТнинг 9/12-сон қарори талаблари бузилган", деб айтди Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Арцрун Ованнисян.

Вена ҳужжати бўйича мажбуриятлар ва ЕХҲТнинг 9/12-сон қарори ЕХҲТга кирувчи давлатларнинг йирик ҳарбий тадбирлар ҳақида олдиндан огоҳлантириши кераклигини назарда тутади.

"Биз ЕХҲТга машғулотлар юзасидан мурожаат қилдик. Озарбойжон қўшинларнинг сони бўйича келишувларни бузмоқда", деб кейинроқ қўшимча қилган Ованнисян.