Тошкентнинг «Пахтакор» клубини иккинчи даврадан бошлаб хорижлик мураббий бошқариб бориши мумкин. Бу ҳақда Сhampionat.asia хабар тарқатди.

Манбага кўра, жамоанинг бугунги мураббийлар штабига «Шўртан» ва «Локомотив» билан бўлиб ўтадиган ўйинда максимал, 6 очко олиш вазифа этиб қўйилганди, бироқ тошкентликлар Ғузорда йирик ҳисобда имкониятни бой берди.

«Пахтакор» жамоасининг янги раҳбарияти, кейинги иш фаолиятини Европа клубларига ўхшатиб олиб боришни мақсад қилаяпти. Эндиликда қарорларни бир киши эмас, директорлар кенгаши қабул қилади. Бундай услуб аллақачон Европада муваффақиятли тарзда қўлланилиб келинаяпти», дейилади хабарда.

Шу кунга қадар қарорларни қабул қилиб келган бир киши ким эканига ойдинлик киритилмаган.

Айни пайтда жамоа Европанинг бир қатор давлатларидан, шунингдек Бразилиядан ўзига мос бўлган мураббий қидиришни бошлаб юборди.

Бундан ташқари иккинчи даврада жамоа сафини сифатли легионерлар билан кучайтирилиши режалаштирилаяпти. Бунинг учун «Пахтакор» биринчи даврада максимал очколарни ўз ғазнасига жамлаб олиши ва иккинчи даврада ОЧЛ йўлланмасини учун кураш олиб бориши керак.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ жамоани россиялик тадбиркор Алишер Усмонов сотиб олгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинроқ «Пахтакор» расмий твиттери орқали бу хабарни инкор қилиб чиққан.