КХДР ТИВ санкциялар остида қолаётган бўлсада Россия билан ҳамкорликни ривожланишни истайди. Бу ҳақда россиялик журналистлар билан учрашув вақтида КХДР ТИВнинг Европа мамлакатлари бўйича департаменти директори ўринбосари Ким Ён Хо айтиб ўтган.

"Россия ҳам бизнинг мамлакат каби АҚШ ва Ғарб томонидан санкция қўлланган мамлакатдир. Давлатларимиз ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш икки мамлакат манфаатларини ҳам ўзида акс эттиради. АҚШ халқаро саҳнада БМТ Хавфсизлиги кенгашидан фойдаланиб, бизнинг мамлакатимизга санкция қўллаб келмоқда", деган шимолий кореялик дипломат.

У КХДРнинг аввалги раҳбари Ким Чен Ир 3 марта Россияга ташриф буюргани ва "икки мамлакат муносабатларида катта ютуқларга эришилгани"ни эслаб ўтган.

"Олий даражадаги учрашувлар ва имзоланган ҳужжатлар икки давлатнинг дўстона муносабатларига асос бўлган. 2015 йилда бизнинг давлатимиз ва РФ ўртасида делегациялар турли соҳаларда учрашувлар ўтказишди. 2016 йили БМТ ХКнинг резолюциясидан кейин икки томонлама муносабатлар ривожланиши давом этди. Бизнинг иродамиз шундай", — деган Ким Ён Хо.