Сурияда эвакуация карвонига уюштирилган ҳужум қурбонлари сони ортди

Жаҳон 16 Апрель 2017 13375

Суриянинг Ҳалаб вилоятида, Рашидин туманида  теракт қурбонлари сони 112 кишини ташкил қилди. Бу ҳақда AFP хабар тарқатди.

15 апрель куни Идлиб вилоятидаги Фуа ва Кефрая шиа қишлоқларидан эвакуация қилинган аҳолини олиб кетаётган автобуслар олдида террорчи ўзини портлатиб юборди. Охирги хабарларда бу теракт оқибатида 78 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Қурбонлар орасида гуманитар хизматлар вакиллари ҳамда автобусларга қўриқчи бўлган ходимлар бор. Шунингдек, кўплаб кишилар оғир даражада жароҳатланган.

Ҳозирча теракт учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ зиммасига олмади.

Автобуслар колоннаси Рашидинда Жибриндаги қочқинларни вақтинчалик жойлаштириш марказига кетаверишда тўхтаган эди.

Колоннада жами 5000 киши эвакуация қилинаётган бўлган. Портлашдан сўнг автобусларнинг бир қисми мухолифат кучлари назоратидаги ҳудудда қолган.

Ал-Фуа ва Кафраяда 2 йилдан ортиқ вақт давомида қамалда бўлиб келган аҳолини эвакуация қилиш ҳукумат армияси ва қуролланган мухолифат ўртасидаги ярашув келишувига мувофиқ бажарилмоқда. Бунга параллел равишда "Жибҳат ун-Нусра"нинг 2000 нафарга яқин жангариси Дамашқ яқинидаги Забаданий ва Мадая тоғли курортларидан олиб чиқиб кетилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар