Туркияда конституциявий ислоҳот бўйича референдумда овоз бериш жараёни бошланди. Маҳаллий вақт билан соат 07:00да (Тошкент вақти билан соат 09:00) мамлакат шарқидаги 32та ва марказ ҳамда ғарбдаги 49 вилоятда сайлов участкалари очилган. Овоз бериш жараёни Тошкент вақти билан соат 19:00да якунига етади.

Ушбу референдумда Туркияда очилган 167140 сайлов участкасида 55 млн 319 минг 222 фуқаро овоз бериши мумкин. Бундан ташқари, қамоқхоналарда яна 461та сайлов учаткаси очилган. Туркиядан ташқаридаги туркияликлар муддатдан олдин овозларини бериб бўлишган.

Жорий референдумга қўйиладиган асосий масала Туркияда президент бошқаруви тизимининг киритилиши бўлади.

Туркия конституциясига 18 та ўзгартиришни киритиш қонунига кўра, агар ўзгартиришлар қўллаб-қувватланса, президент бошқаруви шаклига ўтилади, парламент депутатлари сони 550 нафардан 600 нафаргача оширилади, парламентга сайланиш учун ёш чегараси 25 ёшдан 18 ёшгача туширилади.

Агар референдум иштирокчилари конституциявий ислоҳотни қўллаб-қувватлашса, Эрдўған чекланмаган ваколатга эга бўлади ва у яна икки марта президентликка сайланиши мумкин бўлади. Ўтказилган охирги сўровларга кўра, таклиф этилаётган ўзгаришларни маъқулловчилар кўпроқни ташкил қилган (46-47 фоиз киши "ҳа" дейди, 43-44 фоиз киши "қарши" бўлади, 10 фоиз атрофидаги киши ҳали бир қарорга келмаган).

Тузатишларга кўра, навбатдаги парламент ва президентлик сайловлари Туркияда 2019 йил 3 ноябрда бўлиб ўтади. 

Туркия конституцияга таклиф қилинаётган ўзгартиришлар