Туркияда референдум вақтида мамлакатнинг Диёрбакир шаҳрида икки гуруҳ ўртасида отишма рўй бериши оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда NTV телеканали хабар тарқатди.

Хабар қилинишича, отишма сайлов участкаси очилган мактаб яқинида рўй берган. Дастлабки маълумотларга кўра, тўқнашув сиёсий қарашлари турли бўлган икки гуруҳ ўртасида келиб чиққан.

Ушбу референдумда Туркияда очилган 167140 сайлов участкасида 55 млн 319 минг 222 фуқаро овоз бериши мумкин. Бундан ташқари, қамоқхоналарда яна 461та сайлов учаткаси очилган. Туркиядан ташқаридаги туркияликлар муддатдан олдин овозларини бериб бўлишган.

Жорий референдумга қўйиладиган асосий масала Туркияда президент бошқаруви тизимининг киритилиши бўлади.

Туркия конституциясига 18 та ўзгартиришни киритиш қонунига кўра, агар ўзгартиришлар қўллаб-қувватланса, президент бошқаруви шаклига ўтилади, парламент депутатлари сони 550 нафардан 600 нафаргача оширилади, парламентга сайланиш учун ёш чегараси 25 ёшдан 18 ёшгача туширилади.

Агар референдум иштирокчилари конституциявий ислоҳотни қўллаб-қувватлашса, Эрдўған чекланмаган ваколатга эга бўлади ва у яна икки марта президентликка сайланиши мумкин бўлади. Ўтказилган охирги сўровларга кўра, таклиф этилаётган ўзгаришларни маъқулловчилар кўпроқни ташкил қилган (46-47 фоиз киши "ҳа" дейди, 43-44 фоиз киши "қарши" бўлади, 10 фоиз атрофидаги киши ҳали бир қарорга келмаган).