Туркияда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум учун очилган сайлов участкалари ёпилди. Бу ҳақда Associated Press хабар тарқатди.

Қайд этилишича, референдум натижалари кун охирига қадар маълум бўлади.

Мамлакатда 55 миллион сайловчи учун 170 мингга яқин сайлов участкалари очилганди.

Референдумнинг асосий мақсади Туркияда бугунги кунда мавжуд бўлган парламент бошқаруви ўрнида президент бошқаруви тизимини киритиш эди. Бунинг учун мамлакат конституциясига 18та ўзгариш киритиш назарда тутилган.

Агар референдумда мамлакат аҳолиси янги ислоҳотларни қўллаб қувватласа, Эрдўған чекланмаган ваколатга эга бўлади. Яъни, президент давлат, ҳукумат ва суд тизими устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари, назарий жиҳатдан Эрдўған яна икки марта президентликка сайланиши мумкин.

Дастлабки натижаларга кўра, конституциявий ислоҳотни маъқуллаганлар 62,2 фоизни, қарши чиққанлар 37,8 фоизни ташкил қилган. Кўриш мумкинки, фақат йирик шаҳарлар ва денгиз бўйидаги ҳудудларда "йўқ" жавобини берганлар устунлик қилган.