Венесуэлада ҳукуматга қарши чиққан 470 нафар намойиш иштирокчиси қўлга олинди

Жаҳон 16 Апрель 2017 2653

Венесуэлада 4-15 апрель кунлари мухолифат томонидан уюштирилган норозилик намойишларида камида 470 нафар иштирокчи қўлга олинди. Бу ҳақида "Венесуэла жиноий форуми" нодавлат ташкилоти адвокати Альфредо Ромеро хабар берди. У тақдим этган маълумотларга кўра, тахминан 188 киши ҳануз мамлакат пойтахти Каракас ва Лара штатидаги қамоқхоналарда сақланмоқда.

Жанубий Америка мамлакатининг турли минтақаларида ҳукуматга қарши бўлиб ўтган манифестациялар нафақат полиция билан тўқнашувларга, балки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга ҳам сабаб бўлди. Савдо ва хизматлар бўйича миллий кенгаш баёнотида маълум қилинишича, турли ҳудудларда жойлашган 50 тача дўкондаги маҳсулотлар ўғирлаб кетилган. Ишбилармонлар ҳукуматни хавфсизлик чораларини кўришга чақиришди. 

Норозилик акцияларининг бош сабабларидан бири сиёсий инқирознинг чуқурлашуви бўлди. Олий суднинг президент Николас Мадурога парламент розилигисиз ҳаракат қилиш ваколатини бериши тўғрисидаги қарори халқда норозилик уйғотди. Мухолифат етакчиларидан бири Миранда штати губернатори Энрике Каприлесуга 15 йил давомида сайловларда иштирок этишнинг тақиқланиши эса мамлакатдаги вазиятни янада қийинлаштирди. 

Мухолифат вакилларининг таъкидлашича, полиция билан  тўқнашувлар натижасида жабрланганлар талайгина, бир неча киши ҳалок бўлган.

Кўпроқ янгиликлар