АҚШнинг Оҳайо штати Кливленд шаҳри полицияси Facebook ижтимоий тармоғида жонли эфирда қотиллик содир этган жиноятчини қидирмоқда. Бу ҳақда шаҳар полиция бошқармаси вакиллари хабар қилмоқда

Маълумотларга кўра, Стив Стивенс номли эркак қидирилмоқда. Полициянинг таъкидлашича, у ўзи содир этган "қотиллигини Facebook Live орқали намойиш қилган". Ўлдирилган фуқаронинг исми ошкор қилинмаган. 

Associated Press агентлигига кўра, Стивенс томонидан Facebook саҳифасига жойланган қотиллик видеоси 3 соатлар ўтгач, олиб ташланган. 

Полициянинг маълум қилишича, жиноятчи, шунингдек, ижтимоий тармоқ орқали "кўплаб қотилликларни содир этганини айтган". Бироқ, ҳозирча, бу тасдиқланганича йўқ. 

Маҳаллий ҳукумат вакиллари, гумондорнинг ташқи кўринишларини эълон қилиб, Стивенс жуда хавфли экани, қуролланган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. 

Facebook компания, ўз навбатида, мазкур воқеага изоҳ берди. Facebook 16 апрель куни тарқатилган баёнотга кўра, компания ушбу воқеликни "даҳшатли жиноят", деб атаган.

"Бу даҳшатли жиноят ва биз бу каби лавҳаларни Facebook тармоғида жойлаштирилишига йўл қўймаймиз", - деган ижтимоий тармоқ вакиллари.