Аргентина жанубидаги Неукен вилоятида жойлашган Агуада-Сан-Роке аҳоли пункти яқинида чўпон динозаврнинг яхши сақланиб қолган тухумларини топиб олди. Тахминларча, тухум 70 млн ёшда. Олимлар учун топилган тухум катта қийматга эга, чунки унинг ичида эмбрион қолдиқлари сақланиб қолган. Бу эса зарур таҳлилларни, жумладан тери ва тишлар таҳлилини амалга оширишга имкон беради. Бу ҳақда Аргентинанинг Telam нашри хабар бермоқда. 

Мутахассисларнинг фикрича, тухумнинг яхши ҳолда сақланиб қолишига у топилган ҳудуд бир вақтлар ботқоқлик бўлиб, сўнгра вулқон қатламлари остида қолгани сабаб бўлган. Бу ҳудудда бу каби топилмалар камёб ҳисобланмайди. Аввал бу ерларда динозаврлар қолдиқлари, уялари аниқланган.

Олимлар бу ҳудудни кейинги авлодларга сақлаб қолиш мақсадида у ерда палеонтологик боғ барпо этишмоқчи. Бундан ташқари, боғ сайёҳлар орасида оммалашиб, янги ишчи ўринлари яратишга омил бўлиши мумкин.