17 апрелда Болтиқбўйи республикаси Латвияда НАТОнинг Summer Shield ҳарбий машғулотлари бошланади ва 30 апрелгача давом этади. Унда 1,2 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этади. Уларнинг 200дан ортиғи Эстония аскарларидир, дея маълум қилган Эстония мудофаа кучлари Бош штаби. 

"200дан ортиқ эстониялик ҳарбий хизматчилар 17-30 апрель кунлари Латвиянинг Адажи полигонида бўлиб ўтадиган НАТОнинг Summer Shield машғулотида қатнашади", — дейилади хабарда. 

Summer Shield ҳарбий-ўқув машғулотларида Латвия, Литва, Эстония, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Люксембург, Болгария, Руминия, Словакия, Германия ва Швеция ҳарбийлари қатнашади. 

Унда артиллерия аслаҳаларидан зарба бериш, ҳаво мудофааси ва разведка, оммавий қирғин қуролларига қарши ҳаракат, танкларгақарши мудофаа ҳамда ҳарбий муҳандислар амалиётлари бўйича кўникмалар ҳосил қилинади. 

Summer Shield машғулотлари Латвияда 2004 йилдан бери ўтказиб келинади. 2014 йилдан у альянснинг барча аъзолари учун очиқдир. 2016 йилги машғулотларда 1,3 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этган.