«Челси» жамоаси ҳимоячиси Жон Терри мавсум якунида Лондон клубини тарк этади. Бу ҳақда жамоа матбуот хизматида расман хабар қилинган.

Футболчининг ўзи ҳам жамоа билан мавжуд шартнома узайтирилмаганини тасдиқлади.

Шу тариқа, «Стэмфорд Бридж»да 22 йил ўтказган 36 ёшли футболчи жамоадан кетадиган бўлди.

Терри бу вақт ичида асосий жамоа сафида 713 ўйин ўтказган, бу учрашувларда 66 гол урган. Жамоанинг кўп йиллик сардори лондонликлар билан АПЛда 4 марта ғолиб бўлган, 5 марта Англия Кубоги, 3 марта Англия Лигаси Кубоги, бир марта Чемпионлар лигаси ғолиблигии, бир марта Европа Лигаси ғолиблиги қўлга киритилган.

Бундан аввалги хабарларда, Терри Америка лигасига йўл олиши мумкинлиги ёки Англиядаги «Сток Сити», «Вест Бромвич» ёки «Борнмут» клубларидан бирига ўтиши мумкинлиги айтилганди.

Жамоа бош мураббийи Антонио Конте Террининг ўрнига «Саутҳемптон»дан Виржил ван Дейкни харид қилишни режалаштирган.