Бугун, 17 апрель куни Душанбедаги "Пойтахт-90" савдо мажмуида Ўзбекистон товар ишлаб чиқарувчиларининг кўргазма-ярмаркаси очилди. Унда саноатнинг турли соҳаларидаги 160 ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотларини намойиш қилди. Кўргазма 20 апрелга қадар давом этади. 

"Ушбу кўргазма давлат раҳбарларининг савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, сармояларни жалб қилиш, қўшма корхоналарни ташкил қилиш, икки томонлама товар айирбошлаш кўрсаткичларини кўтаришга қаратилган саъй-ҳаракатлари натижасидир", - деди Тожикистон Республикасининг Сармоялар ва давлат мулки бўйича қўмитаси раиси Қаҳҳорзода Файзиддин Саттор.

Унинг сўзларига кўра, 19 апрель куни ўтказиладиган Тожикистон ва Ўзбекистон ишбилармон доираларининг  бизнес-форуми мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун қўшимча платформа бўлиши мумкин.

У сўнгги пайтларда республикалар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг фаоллашгани ва бу қувончли ҳол эканини таъкидлади. Ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш 2015 йилга нисбатан 5,7 баробар ошган ва ҳозирда 69,2 миллион долларни ташкил қилади. 

"Биз бу алоқаларнинг кенгайишидан манфаатдормиз ва уларга эришиш учун барча имкониятларимизни ишга солишга тайёрмиз", - деди Давлат инвестиция қўмитаси раиси.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шоқосим Шоисломов кўргазма ўзбек-тожик муносабатларида янги босқичини ифодалашини таъкидлади. Таъкидлаш жоизки, кўргазмада иштирок этиш учун 400 дан зиёд ўзбекистонлик Душанбега етиб келган.