Франция президенти лавозимига номзодлардан бири, "Кўтарил, Франция!" ҳаракати етакчиси Николя Дюпон-Эньян экстремизмга қарши қаттиққўллик билан курашишга ваъда берди ва агар сайловларда ғолиб бўлса, мамлакатда қўлга олинган террорчиларни Антарктидага сургун қилишини айтди. 

"Менинг сайловолди дастуримда Францияда қўлга олинган террорчиларни Париждан минглаб километр узоқликда, Антарктида ёнида жойлашган, мамлакатга тегишли Кергелен архипелагига сургун қилиш таклифи бор. Ва мен сайловларда ғолиб бўлсам, бу ваъдамни бажариш истагидаман", деб айтган сиёсатчи TF-1 телеканали эфирида

Унинг айтишича, архипелагда олимлар фойдаланадиган иншоотлар бор ва у ерда ахлоқ тузатиш марказини барпо этиш муаммо эмас.

Эслатиб ўтамиз, Франция президенти лавозимига 11 номзод даъвогарлик қилмоқда. Мамлакатнинг янги президенти сайловлари 23 апрелда бўлиб ўтади. Агар ғолиб аниқланмаса, 7 майда сайловларнинг 2-босқичи ўтказилади. Амалдаги президент Франсуа Олланд сайловларда иштирок этишдан бош тортган.