Қирғизистонда мухолифат кучлари навбатдаги президентлик сайловини август ойидан кечиктирмасдан ўтказиш керак деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг собиқ бош прокурори, "Ота-Макон" партияси вакили бўлган парламент депутати Аида Салянова фикр билдириб ўтган.

Қирғизистон конституциясига кўра, президент фақат бир марта 6 йил муддатга сайланиши мумкин. Амалдаги президент Алмазбек Атамбаев 2011 йилнинг 1 декабрида вазифасига киришган. Бундан олдинроқ у республика президентлиги учун навбатдаги сайлов 2017 йилнинг 19 ноябрида ўтказилиши ҳақида маълум қилганди.

Мухолифат депутати Атамбаевнинг ваколати 2 декабрь куни якунланиши ҳақида айтиб ўтган. "Сайлов 19 ноябрь куни ўтказилса, сайлов процедураларини ўташ учун 12 кун муддат қолади. Бу эса жуда кам муддат", деган Салянова.

У 2011 йилги сайлов вақтида бунинг учун 2 ойдан кўпроқ муддат бўлганини эслаб ўтган. Ўшанда сайлов 30 октябрь куни ўтказилган, Роза Ўтунбаеванинг ваколати эса 31 декабрь куни тугаганди.

Депутатнинг фикрича, агар Атамбаев 2 декабрга қадар барча ваколатларини топширмаса, унинг давлат раҳбари сифатидаги кейинги қарорлари эътирозларга сабаб бўлиши мумкин.

"Ота-Макон" фракцияси раҳбари Алмамбет Шикмаматовнинг айтишича, конституцияга кўра ҳам сайлов августдаёқ ўтказилиши керак. "Қонунга кўра овозларни ҳисоблаш учун 20 кун, якуний натижани эълон қилиш учун эса 3 кун ажратилган. Бундан ташқари эҳтимолий иккинчи тур ва сайлов натижасига бериладиган эҳтимоли шикоятлар учун муддат керак", — деган у.

Мухолифат вакилларининг билдиришича, "Ота Макон" фракциялар раҳбарлари ва парламент спикерига Жогорку Кенеш (парламент) апрель ойи охирига қадар сайлов муддатини аниқ эълон қилиши кераклиги бўйича мурожаатнома йўллаган.