Шимолий Корея қуролли кучларда янги турдаги қўшинларни ташкил этди – махсус тактик қўшинлар. Мамлакатда шу пайтга қадар пиёда, ҳарбий-денгиз, ҳарбий-ҳаво ва стратегик қўшинлар бор эди, деб хабар беради Рёнхап ахборот агентлиги.

Унинг маълумотларига кўра, Шимолий Корея газеталарининг Пхеньянда 15 апрель куни бўлиб ўтган ҳарбий паради бўйича ҳисоботлари таҳлили КХДРда янги атама - “махсус тактик қўшинлар” пайдо бўлганини кўрсатди.

Масалан, "Нодон синмун" газетаси парад вақтида Ким Ир Сен майдонидан “Корея халқ армиясининг ҳарбий-денгиз, ҳарбий-ҳаво ва ҳаво мудофааси, стратегик ва махсус тактик қўшинлари” ўтганини ёзган. 

Жанубий кореялик таҳлилчиларнинг тахминича, КХДР махсус тактик қўшинлари сони худди ҲҲК ёки ҲДКдаги каби бўлиши мумкин.

Парадда бу турдаги қўшинлар аскарлари юзларида қора грим бўлгани ҳолда қуёшдан ҳимоя қилувчи қора кўзойнакларда ўтган. Улар гранатомётлар билан қуролланган бўлган, бошларида эса тунги кузатув қурилмаларига эга шлемлар ҳам бор эди.

Рёнхапнинг экспертларга асосан таъкидлашича, КХДР армиясида янги турдаги қўшинларнинг ташкил этилиши Америка ва Жанубий Корея махсус қўшинларига қарши йўналтирилган бўлиши мумкин.

Корея халқ армияси махсус тактик қўшинларига генерал-полковник Ким Ён Бак қўмондонлик қилмоқда, дея аниқлик киритди Рёнхап.

Сеулда таъкидлашларича, бу КХДРда парадга бағишлаб янги махсус қўшинлар ташкил этилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Шу тариқа, 2012 йилда стратегик ракета қўшинлари ташкил этилиши ҳақида маълум қилинган бўлса, 2013 йилда унинг асосида стратегик қуролли кучлар яратилди.