«Кун.uz» сайти таҳририятига ўқувчидан мактуб келди. «Миграция агентлигининг 1 ҳафталик спектакли...» сарлавҳаси қўйилган ушбу мактуб муаллифи Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан боғлиқ масалага яна қайтган.

Миграция агентлиги кимдан нимани яширмоқда?

У сайтда миграция агентлигинининг кирдикорлари ҳақида нашр қилинган мақолаларни эътироф қилиб ўтган ва бу борадаги ўз фикрларини ҳам билдирган.

«Мен-ку бирор жойга ишлашга кетиш режаси йўқ одамман. Бухоро шаҳрида ишлаб, шу ерда яшайман. Қишлоқдан икки жияним қўнғироқ қилиб: «Ака биз Кореяга кетиш учун регистрация ва имтиҳондан ўтишимиз керак. Биласиз, қишлоқда интернет яхши ишламайди ёки ток ўчиб қолиши мумкин, сизда интернет ва ток муаммо эмас», деб меникига 3-4 кунга келишди ва шу иш билан машғул бўлишди. Кимлардир имтиҳонга кирди, йиқилди. Кимлар учундир эса сайт саҳифалари бандлигича қолиб кетди. Яъни, имтиҳонда қатнашиб «ажабтовур саволлар»ни кўриш ҳаммага ҳам насиб қилгани йўқ. Бу 100 минг киши ижросидаги спектакль бўлди, ўзингизга маълум. Агентлик фирибгарларни эмас ҳаммани чув туширишди.

Шу ўринда мени ўйлантирган саволлар ва мулоҳазаларни солиштиб кўрайлик.
1. Агентлик ходимлари: «Саволларни Корея томони ва мутахассислар ишлаб чиққан», дея бонг урди. Демак, улар бизнинг мактаб ва коллежлар учун мўлжалланган дарсликларни ўқиб, шу материалларни ўзбек тилида беришни маъқул кўришдимикан? Ёки антиқа статистик саволларни қидириб юришганмикан?! 

2. Сайтга хакерлар ҳужуми?! Балки, бўлажак хакерлар илк дарсини шу сайтдан бошлашгандир!? Эҳтимол, саволлар тўпламига шайтон ҳам аралашгандир? «Тўғриси, бизнинг техник маҳсулотлар эскириб, яроқсиз ҳолга келиб бўлган» деб очиқчасига тан олишса яхши бўларди, балки. 

3. «Айрим антиқа саволлар фотошоп қилиб интернетга жойлаштирилган». Кечирасиз-у ҳурматли агентлик ходимлари, сизларнинг айрим эмас кўпгина саволларингиз фотошоп қилинмаса ҳам кулги остида қолди. Миграция сайтининг ҳар бир хабаридаги имловий хатолари-чи? Улар ҳам фотошопми?

4. Хўш, хорижга оми одамларни жўнатишмас экан, балки донишманд Назаровнинг шахсан ўзлари тестни қандай ишлаш кераклигини мастер-класс усулида кўрсатиб берар? Бу каби чалкашликнинг (кўзбўямачилик) олдини олиш учун матбуот анжумани каби «изни йўқотиш» операцияси амалга ошмай қолди. Чунки, бу «Б» режага ҳам киритилмаган муаммо бўлиб чиқди.

5. Бу қандай бўлган? 6000 «ўзга сайёралик» диёримиздан топилдими? Ёки саралаш қайта ташкил бўладими каби мавзуга нуқта қўядиган жавоб ҳам беришмади. Улар тўфон тиниб, осмон очилишини кутишмоқдами? 

6. Саралаш ва имтиҳон саволлари қайси мезонларга асосланиб тузилганди? Қандай стандартлар асосида? Оператор билан боғланиб бўлмайди ёки жўяли жавоб беришмайди, очиқлик ва ошкоралик йўқ.

Муаллиф сайт таҳририятига юзланади.

Энди умидвор халқ нима қилсин? Дардига табиб ким? Мутахассис сифатида маслаҳат беринг! Бу муаммонинг ечим калитини сиз кабилар топа олмаса, «Аҳмад қачон ўлганини» биладиганлар бу ишни қилишмайди. Ўн минглаб кишининг сўнгги умиди сизлар, шуни билган ҳолда қўл силтаб ортга қайтманг.

Ҳақиқат қандайлигини, иш тизими лойқа эканлигини сезиб турибсиз. Бу кўп йилдан бери такрорланиб келади. Бугун уларни тўхтатиб қолмасангиз, кейинги йили ҳам шу алгортм билан ишлашади. Бошқача бўлади деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Юқоридаги жумбоқлар биз учун жаҳон сиёсатидаги ўйинлардан ҳам қизиқарли бўлиб қолди. Бизга шоу керак эмас! Спектаклни кўриб бўлдигу, охири гумон. Қандай хулоса олиш керак? Спектакль режиссёри ва  сценарийси кимлар томонидан ёзилгани ҳақидаги титрлар чиқишини кутиб қоламиз.

Эртакларнинг охири яхшилик ғалабаси билан тугайди, кўрамиз ҳаётда улар қандай бўлар экан...

Муродулла