Тошкентдаги масжидлардан бирининг имом-хатиби Ўзбекистонда Маккаи Мукаррамадан келтириладиган муқаддас Зам-Зам суви борасида ҳам фирибгарлик қилувчи "олғирлар" пайдо бўлгани ҳақида Кун.uz сайтига маълум қилди. Сохта Зам-Замни фош этувчи видеолавҳа эса ижтимоий тармоқларда оммалашмоқда. 

Видеолавҳани олган кишининг айтишича, у ижтимоий тармоқларда ва айрим дўконларда ҳақиқий деб сотилаётган Зам-Зам суви ҳақиқийсидан фарқ қилади. Унга ёпиштирилган қоғоз белгисиинг ранги ҳам оригиналидан тўқроқдир. Бундан ташқари, сохта сув идишининг қопқоғи ёпиладиган бурамали қисмига “Рустам” сўзи туширилган. 

Шу билан бирга, ҳақиқий Зам-Зам суви қопқоғи ва идишида арабчада Зам-Зам сўзи битилгани айтилади. Яна икки сувнинг мазасида ҳам фарқ борлигига ҳақиқий Зам-Замни ичиб кўрганидн сўнг, ишонч ҳосил қилганини уқдиради. Видеолавҳада сўз юритган киши, Яратганга ибодат қилишини иддао этувчиларнинг бундай ишларни амалга ошириб, пул топаётганини ҳазм қила олмаслигини таъкидлайди. 

Шундай экан, Зам-Зам суви экани уқдирилган ҳар қандай сувга ишониб қолмаслик, унинг ҳақиқийлигини текшириб кўришликни тавсия қиламиз. Халқнинг соддалиги ва ишонувчанлигидан фойдаланиб қолаётган олғирлар ҳам ўзларининг қилаётган ишларини ўйлаб кўрсалар яхши бўлар эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари фирибгарлик йўли билан инсонларнинг ишонувчанлигидан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойданаётганлар фаолиятига чек қўйишларидан умид қилиб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, муқаддас Зам-Зам суви Макка Мукаррамадаги Каъбаи муаззама яқинида ер тубидан чиқувчи булоқ сувидир. Олимлар унинг Ер юзидаги энг тоза сув эканлигини исботлашган.