Россия армияси 2025 йилгача янги гипертовушли қуроллар билан таъминланади. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлиги сайтида маълум қилинди.

"Қуролланишнинг 2018-2025 йилга мўлжалланган янги дастурида гипертовушли қурол, интеллектуал робототехник мажмуалар, янги жисмоний тамойилларга асосланган қурол ҳамда кейинги авлоддаги анъанавий қурол, махсус техникани яратишни якунлаб, уларни қўшинларга етказиб бериш вазифаси қўйилган", деб айтилган хабарда. 

Ҳарбийларнинг таъкидлашларича, ушбу қуролларни яратиш учун бир қатор илмий-техник вазифаларни ҳал қилиш талаб этилади ва уларни илмий ҳамжамиятни жалб қилмасдан ҳал қилишнинг иложи йўқ.

15 апрелда кемаларга қарши янги гипертовушли "Циркон" ракетаси синов вақтида товуш тезлигидан 8 карра каттароқ тезликка эришгани маълум қилинган.

"Циркон" (3М22) қанотли ракеталарини яратиш устида ишлар 2011 йилдан бери "Тактическое ракетное вооружение" корпорацияси томонидан олиб борилади. Ушбу ракетанинг техник кўрсаткичлари сир сақланади. 2016 йил февралдан ракета синала бошланган, 2018 йилдан эса серияли ишлаб чиқарилиши керак.