Туркияда асосий мухолифат партияси ҳисобланмиш Жумҳурият халқ партияси (Республика халқ партияси) сайлов комиссиясини конституциявий ислоҳот бўйича ўтказилган референдум натижаларини бекор қилишга чақирди.  Associated Press хабарига кўра, партиядагилар референдум вақтида қоида бузилишларига йўл қўйилганини иддао қилишмоқда.

Партия раиси ўринбосари Булент Тезканнинг сўзларига кўра, «референдумнинг қонунийлиги бўйича баҳсларга якун ясаш ва халқни тинчлантиришнинг ягона йўли сайлов комиссияси овоз бериш натижаларини бекор қилиши бўлади».

Қайд этилишича, мухолифат вакиллари комиссия расман муҳрланмаган бюллетенлар ҳам қабул қилганини айтмоқда.

16 апрель куни Туркияда бўлиб ўтган давлат бошқарувининг президентлик шаклига ўтиш бўйича референдумда конституцияни ислоҳ қилиш тарафдорлари ғолиб чиқди.

Конституцияни ислоҳ қилиш учун фуқароларнинг 51,2 фоизи овоз берди, 48,8 фоизи бунга қарши чиқди.

Бу референдумни ўтказиш таклифи мамлакатнинг амалдаги президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг партияси бўлмиш Адолат ва тараққиёт партияси томонидан берилганди.