Ўзбекистон ва Озарбойжон сайёҳлик ассоциациялари томонидан ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу ҳақида Озарбойжон элчихонаси хабар берди. 

Меморандум Тошкентда бўлиб ўтган халқаро туристик кўргазма доирасида мамлакатларнинг сайёҳлик ассоциациялари раҳбарлари - Нахид Багиров ва Набижон Қосимов томонидан имзоланди. 

Ҳужжатда томонларнинг туристик соҳани ривожлантиришда тажриба ва ахборот алмашиши, туризмни ривожлантириш билан боғлиқ тур ва тадбирларни ташкиллаштириш, ўзаро саёҳатларни уюштириш, икки мамлакат ўртасидаги соғломлаштирувчи туризмни рағбатлантириш ва сайёҳлар оқимини кучайтиришни икки томонлама қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

Жорий йилда Тошкентдаги халқаро туризм кўргазмасида Озарбойжон стенди Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази томонидан намойиш этилди. 

Халқаро туристик кўргазмада Нафталан шаҳридаги "Чинор" ва "Гашалти" меҳмонхоналари ҳам ўзларининг турпакетларини тақдим этишди. 

"Халқларимиз ўртасидаги тарихий яқинлик, мамлакатларимиз ўртасидаги визасиз режим, Тошкент ва Баку ўртасидаги тўғридан-тўғри авиарейсларнинг йўлга қўйилгани инобатга олинса - Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасида улкан салоҳият мавжуд", - деди Озарбойжон маданият маркази директори Аббосов. 

Бундан ташқари, яқин кунларда меморандум доирасида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларида Озарбойжон туристик салоҳиятига оид баннерлар ўрнатилади, шунингдек Ўзбекистоннинг етакчи телеканлларида ҳам реклама қилинади.