2017 йил 17 апрель куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) томонидан «Сув ресурслари назоратини яхшилаш борасидаги ташаббуслар» мавзусида семинар ва пресс-брифинг бўлиб ўтди. 

Тадбир давомида МОМЭМ томонидан яқин беш йил ичида амалга ошириладиган бир қатор лойиҳалар муҳокама қилинди:

1-лойиҳа: «Марказий Осиёда сув, таълим ва ҳамкорлик» лойиҳаси АҚШнинг халқаро ривожланиш Агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилади. Лойиҳа мақсади – сув хўжалигидаги кадрлар тайёрлаш тизимини яхшилаш ва ходимлар малакасини ошириш, манфаатдор тузилмалар ўртасида касбий муносабатларни ўрнатиш ҳамда сув ресурсларини назорат қилишда ҳавзавий ёндашув ва минтақавий академик ҳамкорлик салоҳиятини намойиш этишдир. Амалга оширилиш муддати: 2015-2020 йиллар.

2-лойиҳа: «Марказий Осиёда сув ҳамкорлиги» лойиҳаси Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан молиялаштирилади. Лойиҳа мақсади – минтақавий сув ҳамкорлигини кучайтириш, Марказий Осиёда экология ва барқарор тараққиёт соҳасида ўзаро таъсирни мустаҳкамлаш, ҳамда сув ресурсларини назорат қилиш масалаларида инновацион усуллар ва амалиётни ўрганиш ва олға суриш. Амалга оширилиш муддати: 2015-2017 йиллар.

3-лойиҳа: «Ўзбекистонда барқарор сув ва экологик ривожланиш учун ҳамкорлик ва хабардорликни ошириш. Компонент 3» лойиҳаси Европа Иттифоқининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» дастури доирасида молиялаштирилади. Лойиҳа мақсади – иқлим ўзгариши шароитида сувдан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муҳимлигига аҳоли эътиборини қаратиш ва хабардорлик даражасини ошириш. Амалга оширилиш муддати: 2016-2019 йиллар.

4-лойиҳа: «Иқлим ўзгаришининг Амударё ҳавзасидаги ер усти сувлари сифатига бўлган таъсирини ўрганиш» лойиҳаси АҚШнинг халқаро ривожланиш Агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилади. Лойиҳа мақсади – иқлим ўзгаришининг Амударё ҳавзасидаги ер усти сувлари сифатига бўлган таъсирини иқлим ўзгаришининг турли сценарийлари, суғорма деҳқончилик амалиётлари ва сув ресурсларини бошқарув турларини ҳисобга олган ҳолда баҳолаш, иқлим ўзгаришининг Амударё сувларига бўлган таъсирига баҳо бериш ва ушбу ўзгаришларга қарши адаптация чораларини ишлаб чиқиш учун манфаатдор томонлар билан бўлишиш. Амалга оширилиш муддати: 2016-2018 йиллар.

Давра суҳбати давомида МОМЭМ ташаббуслари бўйича ўзаро муносабатлар истиқболлари юзасидан миллий ва халқаро ҳамкорлар билан таклиф ҳамда тавсиялар кўриб чиқилди.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида сув хўжалиги ташкилотлари, олий ўқув юртлари ҳамда ОАВ ходимлари ва Марказий Осиё давлатларининг бошқа соҳа мутахассислари орасида сув ҳамкорлигини яхшилаш учун асос яратилади.