Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 апрелдаги 199-сонли қарорига мувофиқ, 2017 — 2020 йиллар даврида республика ҳудудларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини босқичма-босқич ташкил этиш бўйича Чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ташкил этилаётган марказлар давлат таълим муассасалари ҳисобланади ва бевосита Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигига бўйсунади, уларнинг фаолиятига умумий ўқув-методик раҳбарлик қилиш эса — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига юкланади.

Марказларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган ишсиз ва вақтинча банд бўлмаган, шу жумладан доимий ишга эга бўлмаган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва касблар бўйича — 1 йилгача бўлган муддатда касб-ҳунарга бепул қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • меҳнат органларида ишсиз сифатида рўйхатдан ўтмаган, иш излаётган шахсларни, шунингдек иш берувчиларнинг буюртманомалари бўйича — ходимларни, ҳар йили ўқишга олинадиганлар сонининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва касб-ҳунарлар бўйича — тўлов асосида қисқа муддатли ўқитишни ташкил этиш.

Марказларнинг раҳбарлари, ўқитувчилари, усталари ва бошқа ходимлари меҳнатига касб-ҳунар коллежларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган базавий тариф ставкалари татбиқ этилади.

Ушбу марказларнинг ўқитувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг лавозим маошларига Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан тўланадиган 40 фоизгача миқдорда доимий устама белгиланади. 

Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар жумласидан бўлган ўқувчиларга марказларда бевосита бепул ўқиш даврида Бандликка кўмаклашиш жамғармасида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, 6 ойдан кўп бўлмаган муддат мобайнида стипендия тўланади.

Ташкилотлар ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида уларга ишлаб чиқариш амалиёти дастурларига мувофиқ уларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини таъминлайдиган ҳақ тўланадиган иш жойлари бериш ҳуқуқига эга.

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан "Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги" ахборот-қидирув тизимида танишишингиз мумкин.