Жанубий Кореянинг собиқ президенти Пак Кин Хе ва Lotte Group раиси Син Дон Бинга нисбатан порахўрлик айби илгари сурилди. Бу ҳақда Ёнхап агентлиги хабар қилмоқда. 

Агентликка кўра, Пак Кин Хега умумий ҳисобда 14та банд бўйича айблов эълон қилинган. Улар орасида, порахўрлик, учинчи шахслар орқали пора олиш, ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда учинчи шахслар ишларига аралашиш ва уларни жиноий ҳаракатларга мажбур қилиш, бегона шахсга расмий махфий маълумотни ошкор қилиш кабилар бор. 

Айблов томонига кўра, собиқ президент Жанубий Кореянинг йирик корпорацияларидан пора олган. Samsung ва Lotte шулар жумласидан. Пак Кин Хе 59,2 миллиард вон (52,02 миллион доллар) пора олганликда гумон қилинаяпти.

Айни вақтда Пак Кин Хе ҳибсда сақланмоқда. 

Lotte Group раиси Син Дон Бин эса, учинчи шахслар иштирокида пора олганликда гумон қилинмоқда. Ҳозирча, уни ҳибсга олиш борасида қарор чиқарилмаган.