Сайёранинг энг қуйи нуқтасида, ўта қуруқ ҳудудда  жойлашган Ўлик денгизи - Ер юзидаги энг шўр сув ҳавзаларидан бири - муайян геологик даврлар давомида минтақада иқлимнинг ўзгаришини қайд этди. The Jerusalem Post шу ҳақидаги мақоласини тақдим этди. 

"Ўлик денгизидаги гидрологик ва кимёвий ўзгаришлар ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор", - дейилади манбада Негев саҳросидаги Давид Бен-Гурион номидаги Университет экспертлари томонидан ўтказилган тадқиқотга асосланиб.

Манбага кўра, сув ҳавзаси "геологик даврлар мобайнида минтақадаги ўзгаришларни қайд этган, яъни нам ҳавода кўлдаги сув даражаси кўтарилган, қурғоқчиликда эса камайган". Бироқ яқин-яқингача денгизнинг кимёвий таркиби ва ҳудуддаги иқлимнинг ўзгариши ўртасидаги боғлиқликни аниқлашга муваффақ бўлинмаганди. 

Янги тадқиқот давомида асосий эътибор ўтмишдаги иқлим шароитларига оид маълумотларни тиклашга қаратилди. 

Тадқиқот натижаларига кўра, иқлимнинг глобал ўзгариши Ўлик денгизининг кимёвий таркибига ҳам таъсир кўрсатиб, унинг ўзгаришини қайд этмоқда.

Haaretz газетаси маълумотига кўра, Ўлик денгизидаги сув сатҳининг пасайиш суръати тезлашмоқда. Шунингдек яқин 20 йил ичида унинг яна 25 метрга пасайиши тахмин қилинмоқда. "Агар зарур чоралар кўрилмаса, 2050 йилга бориб, Ер юзидаги энг шўр сув ҳавзаси бутунлай йўқолиб кетиши мумкин", - дейилади манбада.