Япония мудофаа вазири Томоми Инада аёлларни қуролли кучлардаги танк, разведка ва пиёда бўлинмаларига қабул қилишда қўйилган чекловлар бекор қилиниши ҳақида маълум қилди. “Биз ҳозирги замонга мос келадиган ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучларини яратишга ҳаракат қилмоқдамиз, - дея маълум қилди ҳарбий маҳкама раҳбари Токиода ҳукумат йиғилишидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида. – Биз қарийб барча чекловларни бекор қилмоқдамиз, ҳамда аёлларни ҳарбий хизматга жалб этишни истамоқдамиз”.

Аввал Япония қуролли кучларида аёлларни ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларига қабул қилишга рухсат берилганди. Улар бу ерда раҳбарлик лавозимларига қадар етиб боришди (жумладан, жанговар кемалар капитанлари орасида ҳам аёллар бор).

Айни дамда чекловлар фақатгина радиоактив материалларга алоқадор махсус қўшинларда қолган, шунингдек сувости кемаларида уларнинг хизмат қилиши ҳам мумкин эмас (у ерда аёллар учун алоҳида хона ташкил этиш бир қадар мураккаб). Аввалроқ Япония қуролли кучларида тўғридан-тўғри жанговар ҳаракатларга алоқаси бўлган бўлинмаларга фақатгина эркакларни қабул қилишга рухсат бор эди. Бироқ чекловлар 1993 йилда қисман бекор қилинди ҳамда кейинчалик аста-секин енгиллаштириб борилди.

Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Япония ўзини-ўзи мудофаа қилиш Кучларида ўтган йилнинг якунига кўра тахминан 14 минг аёл хизмат қилади.