17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Комиссия раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов бошқарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берган.

Мажлисда А.Бобобековнинг халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати ваколати тугатилганлиги муносабати билан унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси ваколати муддатидан илгари тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, Комиссия аъзолари 50-Регистон сайлов округидан сайланган депутат Марҳабо Ғафурова ҳамда 85-Чиноз сайлов округидан сайланган депутат Одилжон Тожиев бошқа ишга ўтганликлари муносабати билан уларнинг парламент қуйи палатаси депутатлари ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Маълумот учун, Марҳабо Ғофурова Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари бўлган, Одилжон Тожиев эса «Камолот» ЁИҲга раис этиб тайинланган.