Туркияда ўлим жазосининг тикланиши мамлакатнинг Европа иттифоқига кириш бўйича музокаралари якунига айланиши мумкин. Бу ҳақда Бельгия ТИВ раҳбари Дидье Рейндерс душанба куни маълум қилди.

Туркияда якшанба куни бошқарувнинг президентлик шаклига ўтиш бўйича конституциявий референдум унинг тарафдорларининг кичик фарқдаги ғалабаси билан тугади. Маълумотларга кўра, улар 51,2 фоиз овоз тўплашган. Президентлик тизимига ўтиш бўйича конституциявий ўзгаришлар аввалроқ Туркия парламенти томонидан маъқулланди ва президент Тоййиб Эрдўған томонидан имзоланди.

Кутилишича, давлат раҳбари янги ваколатлар билан Туркияда ўлим жазосини тиклаш бўйича референдумни ўтказиши мумкин.

"Референдум натижаларидан келиб чиқсак, мен у (Эрдўған) Туркия аъзоси саналувчи Европа Кенгаши томонидан ўрнатилган принцип ва нормаларга содиқ қолишини кутмоқдаман. Мени ўтган йилнинг ёзидаги давлат тўнтаришига уринишдан сўнг, ўлим жазосини қайтариш ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлганидан ташвишдаман. Бу Бельгия учун ҳам, Европа иттифоқи учун ҳам қизил чизиқдир. Ўлим жазосини тиклаш Туркия учун Европа иттифоқига аъзо бўлиш имкониятига якун ясайди", - дея вазирнинг сўзларини келтиради Soir газетаси.

Европа иттифоқи Туркия ҳукумати томонидан тўнтаришга уринишдан сўнг қабул қилинган хавфсизлик чораларини демократияга зид, деб топди ҳамда мамлакатнинг ЕИга аъзолиги бўйича музокараларни музлатиб қўйди. "Ўлим жазосини тиклаш қўшилиш жараёнини тиклашга имкон бермайди (Туркиянинг ЕИга)", - дея таъкидлаб ўтди Рейндерс.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, “биз қатор соҳалар бўйича, жумладан терроризм, НАТО ва миграция масаласида муҳим шерик бўлиб қолаётган Туркия билан мулоқотни давом эттириш имкониятига эга бўлишимиз керак”.

Туркия конституциясининг 18 моддасига киритиладиган ўзгаришлар тўпламида президент давлат тизими раҳбари бўлиши, унга вице-президентлар, вазирлар ва юқори мансабли амалдорларни тайинлаш бўйича ваколатлар берилиши назарда тутилган. Бош вазир лавозими бекор қилинади. Вазирликлар тузилмаси ва уларни ташкил этиш, ёпиш, ваколатлар бериш ҳамда мажбуриятлари президент фармонлари билан белгиланади. Фавқулодда ҳолат режимини эълон қилиш ҳуқуқи президентга берилади, парламент эса давлат раҳбарининг ФҲ режими бўйича қарорини тасдиқлайди. Давлат раҳбари қонуний кучга эга бўлган бошқа фармонларни ҳам чиқариши мумкин, улар парламент тасдиғисиз кучга киради, бироқ кейинчалик қонун чиқарувчилар уни рад этишса, бекор қилиниши мумкин.