Туркиянинг Ойдин вилояти суди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни "Узуклар ҳукмдори" фильмидаги бадбашара қаҳрамон, шахс иккиланишидан азият чекувчи Голлумга қиёслаган шифокор Бильгин Чифтчини оқлади. Бу ҳақда T24 канали хабар берди

Ўтган йил июнида Анталия суди Эрдўғанни Голлумга қиёслаган Рифат Четинни бир йиллик шартли жазога тортганди.

Читфчи Facebook’даги саҳифасида Эрдўған ва Голлумнинг бир хил юз ифодаларини акс эттираётган суратларини ёнма-ён чоп этган. Бу суратлар чоп этилгандан кейин Чифтчи президентни ҳақоратлагани учун давлат ишидан бўшатилган ва унга қарши жиноий иш қўзғатилган. Унга 3 ойдан 2 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин бўлган.  

"Бу жиноий иш қўзғатилмаслиги керак эди, бироқ у очилган экан, вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўли – уни ёпишдир", деб айтган шифокор.

Чифтчи адвокатининг айтишича, ҳимоя Голлум салбий қаҳрамон эмаслиги, шунинг учун унга қиёслаш ҳақорат эмаслигидан келиб чиқиб йўл тутган. "Биз буни исботлашимиз учун "Узуклар ҳукмдори" фильмини бер неча маротаба кўриб чиқишимизга тўғри келди. Биз аксинча, Голлум шаънини ҳимоя қилдик", деб айтган адвокат.

Аввалроқ Туркия адлия вазири Бекир Бўздаг мамлакатнинг 1845 фуқаросига нисбатан президентни ҳақоратлаш айблови бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилган. Туркия қонунчилигида президентни ҳақоратлаганлик учун жарима ёки бир йилдан 4 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Мухолифат ҳукуматни қонуннинг бу моддасидан Эрдўған олиб бораётган сиёсатга норози бўлганларни репрессия қилишда фойдаланишда айблаган. 

Эрдўғаннинг ўзи эса ўтган йилдаги давлат тўнтарувига уринишдан кейин ҳақоратлаш бўйича даъво аризаларини қайтариб олишга қарор қилганини айтган. У буни сиёсий рақиблари билан ярашиб олмоқчилиги билан тушунтирган.