Хитойнинг Iconiq Motors компанияси Iconiq 7 концептуал электровэннинг навбатдаги тақдимотини ўтказди ва серияли нусханинг ўзига хос жиҳатларини маълум қилди. CarNewsChina’нинг хабар беришича, модель “иқтисодли” ва VIP-турларда чиқарилади, уни йиғиш ишлари 2019 йилда бошланади.

Маълумотларга кўра, Хитой маркаси нусхани тайёрлашда Ливаннинг W Motors фирмаси билан ҳамкорлик қилган. У «биринчи араб суперкари» Lykan Hypersport’ни тақдим этган. Шу билан бирга, кўргазмали нусха Италиянинг Studio Torinio ательеси, негиз ва куч қурилмаси эса йирик автобрендлар учун эҳтиёт қисмлари ва автомобиллар ишлаб чиқарувчи Magna Steyr компанияси томонидан яратилди.

Серияли вариант 224-кучли электр қурилмаси билан жиҳозланади, юриш масофаси захираси эса 400 километрдан кўпроқни ташкил этади. Вэн қуйидаги ҳажмларга эга: узунлиги - 4900 миллиметр, эни - 1900 миллиметр ва баландлиги - 1860 миллиметр. Ғилдирак базаси 3 минг миллиметрга тенг.

Iconiq Motors етти ўриндиқли Entry модификациясини, «ўртача» Premium ва жуда ҳашаматли тўрт ўринли салонга эга VIP нусхани чиқаришни режалаштирмоқда. Фирма ишлаб чиқаришнинг биринчи йилида 15 минг нусха йиғишни мўлжаллаган, уларга автоном бошқарувнинг баъзи функциялари татбиқ этилади.

2020 йилда вэн биринчи марта янгиланади, 2021 йилда эса – янги батареялар мажмуаси ўрнатилади. Фейслифт 2022 йилга режалаштирилган. Ўша пайтга келиб Iconiq Motors автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажми йилига 50 минг машинага қадар етиши керак.

Шу билан бирга, компания 2023 йилда тўлақонли автопилот тизимига эга Iconiq 7 нусхасини чиқариш ниятида.