АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон АҚШда ўтган 2016 йилги президентлик сайловларидаги мағлубияти учун АҚШнинг собиқ президенти Барак Обамадан кечирим сўраган. Бу ҳақда "Рўёбга чиқмаган: Ҳиллари Клинтоннинг кампанияси ичида" деб номланган китобдан парча чоп этган The Washington Post нашри маълум қилди

Нашрнинг ёзишича, сайлов натижаси аниқ бўлган кеча Обама Клинтонга мағлубиятни тан олиш таклифи билан қўнғироқ қилган. Клинтон бунга рози бўлган ва сайловларда ғолиб бўлган Дональд Трампни телефон орқали табриклаган.

Бир неча дақиқа ўтиб Клинтон Обамага қўнғироқ қилиб, сайловдаги мағлубияти учун кечирим сўраган.

"Жаноб президент, кечиринг", деб айтган Клинтон.