Ўзбекистон ҳукумати республика ҳудудларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Ушбу қарорга кўра, 2017-2020 йиллар давомида ишсиз фуқароларни профессионал қайта тайёрлаш ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамаси қарори ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга қайта тайёрлашни самарали ташкил этиш ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган янги касб-ҳунар ва мутахассисликларга эга бўлиш учун уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.

Янги ўқув марказлари давлат таълим муассасалари ҳисобланиб, улар Меҳнат вазирлигига бўйсунади. Ишсиз фуқароларга 6 ой мобайнида энг кам иш ҳақи миқдорида стипендия тайинланади. Янги ўқув марказларда кўпи билан 1 йил давомида таълим олиш мумкин, энг узоқ стипендия олиб ўқиш даври — 6 ой.

Бу марказларда ташкилот ва муассасалар буюртмаларига қараб, пуллик, қисқа муддатли ўқув — тайёрлов курслари ҳам ташкил қилиниши назарда тутилган.

Қарорда айтилишича, республика бўйлаб 11та шундай марказ ташкил этилади. Марказлар Нукус, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Гулистон, Термиз, Қўқон, Тўйтепа ва Урганч шаҳарларида жойлашади. Марказларнинг ҳар бирида 240 нафардан ўқувчи учун ўрин бўлади.

Марказларни молиялаштириш манбалари - Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, донор мамлакатлар грантлари, халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари ҳамда Корея Республикаси ҳукумати гранти (Қўқон ва Урганч шаҳарларида) ҳисобланади.

Шунингдек, Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги Ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг тузилмалари Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари билан тасдиқланган. 

«Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ишсиз фуқароларни, шу жумладан таълим муассасалари битирувчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ташкил этилганлиги ва самарали фаолият юритаётганлиги, «Шаҳрисабз шаҳрида касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш ва Ўзбекистонда касб-ҳунарга ўқитиш салоҳиятини ошириш бўйича консалтинг» лойиҳаси амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин», дейилган қарор матнида.

Нукус (2018 — 2020 йиллар)
1. Электр ва электроника.
2. Ахборот технологиялари.
3. Балиқ етиштириш ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси.
4. Қурилиш иши.

Андижон (2019 — 2020 йиллар)
1. Автомобилларни таъмирлаш ва уларга техника хизмати кўрсатиш.
2. Совутиш ускуналарига хизмат кўрсатиш технологияси.
3. Электротехника ва электроника.
4. Ахборот технологиялари.
5. Тикувчилик ва тўқимачилик ишлаб чиқариш технологияси.

Бухоро (2018 — 2020 йиллар)
1. Автомобилларни таъмирлаш ва уларга техника хизмати кўрсатиш.
2. Ахборот технологиялари.
3. Қурилиш иши.
4. Пайвандлаш мутахассисликлари.
5. Хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаси мутахассислари (официантлар, сартарошлар, гидлар).

Жиззах (2019 — 2020 йиллар)
1. Пайвандлаш ва чилангарлик иши.
2. Автомобилларни таъмирлаш ва уларга техника хизмати кўрсатиш.
3. Электр ва электроника.
4. Тикувчилик ва тўқимачилик ишлаб чиқариш технологияси.
5. Деҳқончилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси.
6. Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик технологияси.

Навоий (2019 — 2020 йиллар)
1. Ахборот технологиялари.
2. Электр ва электроника.
3. Тери ошлаш, чарм-галантерея буюмларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш.
4. Гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси.
5. Махсус техникани бошқариш мутахассислари (экскаваторчилар, кранчилар ва бошқалар).

Наманган (2019 — 2020 йиллар)
1. Совутиш ускуналарига хизмат кўрсатиш технологияси.
2. Электротехника ва электроника.
3. Ахборот технологиялари.
4. Тикувчилик ва тўқимачилик ишлаб чиқариш технологияси.
5. Махсус техникани бошқариш мутахассислари (экскаваторчилар, кранчилар ва бошқалар).

Гулистон (2019 — 2020 йиллар)
1. Электротехника ва электроника.
2. Гидротехника ускуналарини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш мутахассислари.
3. Махсус техникани бошқариш мутахассислари (экскаваторчилар, кранчилар ва бошқалар).
4. Қишлоқ хўжалиги техникасини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш мутахассислари.
5. Тикувчилик ва тўқимачилик ишлаб чиқариш технологияси.

Сурхондарё (2018 — 2019 йиллар)
1. Мева, сабзавот, полиз маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси.
2. Ахборот технологиялари.
3. Махсус техникани бошқариш мутахассислари (экскаваторчилар, кранчилар ва бошқалар).
4. Қишлоқ хўжалиги техникасини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш мутахассислари.
5. Асаларичилик бўйича мутахассислар.

Тўйтепа (2019 — 2020 йиллар)
1. Электр ва электроника.
2. Ахборот технологиялари.
3. Тикувчилик ва тўқимачилик ишлаб чиқариш технологияси, тикувчилик ва тўқимачилик асбоб-ускуналарини таъмирлаш.
4. Гидротехника ускуналари ва дренаж тизимини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш мутахассислари.
5. Махсус техникани бошқариш мутахассислари (экскаваторчилар, кранчилар ва бошқалар).

Қўқон (2017 — 2019 йиллар)
1. Электр ва электроника.
2. Ахборот технологиялари.
3. Тикувчилик иши.
4. Машинасозлик ишлаб чиқариши.
5. Косметика буюмлари ишлаб чиқариш.

Урганч (2018 — 2019 йиллар)
1. Автомобилларни таъмирлаш ва уларга техника хизмати кўрсатиш.
2. Ахборот технологиялари.
3. Хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаси хизматлари (официантлар, сартарошлар, гидлар).
4. Тикувчилик иши.
5. Қурилиш иши.

Қарорнинг тўлиқ матни билан lex.uz саҳифасида танишиш мумкин.