Қишлоқ жойларида газ ёки электр энергияси назоратчилари хонадонга келадиган бўлса, кўпчиликнинг хавотири ортади. Бунга баъзи назоратчиларнинг ўз билганларича иш тутишлари сабаб бўлмоқда, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

“Жанубгазтаъминот” УК “Чироқчитумангаз” филиалида назоратчи вазифасида ишлаган Ф.Қурбонмуродовни ҳам ана шундайлар сафига қўшиш мумкин. Фирибгарликда устаси фаранг бўлиб кетган бу кимса хонадон эгалари сарфланган газ бўйича тўлаган пулларни жиғилдонига уриш билан шуғулланганлигини аввалига ҳеч ким пайқамади.

-  Қарзингиз бор экан. Газни узмасак бўлмайди, опа.

Тадбиркор А.Шодиева эшиги олдида тўпланиб турган газ таъминоти идораси ходимларига ҳайрон бўлиб қаради. Бир нима эсига тушди, шекилли, шошилиб гапира бошлади.

-  Нега қарздор бўламан? Ахир яқиндагина назоратчи келинимнинг пластик карточкаси орқали тўловни қабул қилган эди-ку?!

-  Опа! Мана, ҳужжатда қарздорлигингиз кўрсатилган. Ҳеч қандай тўлов амалга оширилмаган, - филиал ходимлари опанинг сўзларига қулоқ тутмай, газни тармоқдан узишди.

Тадбиркорнинг асосий фаолият тури новвойчилик бўлиб, газ бўлмаса, иши тўхташи аниқ эди. Шу дамда назоратчи Ф.Қурбонмуродов уни алдаганини, олган пулларини жиғилдонига урганини тушунгандек бўлди.

Назоратчининг қилмиши фақат шундангина иборат эмасди. У тумандаги “Боғишамол” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Каримовни ҳам бир неча ой давомида чув тушириб келганлиги аниқланди. Маълум бўлишича, Ф.Қурбонмуродов А.Каримовнинг табиий газдан бўлган 1 млн. 200 минг сўм қарзини “ёпиб бериш” эвазига 2015 йилнинг март, июнь ва октябрь ойларида жами 800 минг сўм миқдоридаги пулини қўлга киритади ва қарзи йўқлиги тўғрисидаги санасиз, рақамсиз сохта маълумотнома беради. Пуллар ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади.

Мазкур ҳолатлар юзасидан унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, ҳақиқат қарор топди. Айбдор суднинг ҳукми билан қилмишига яраша жазосини олди.