Қозоқ тилининг лотин ёзувига асосланган янги алифбога ўтиши мамлакатнинг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиш мақсади томон ташлаган қадамлардан биридир. Филология фанлари доктори, профессор, Остонадаги Гумилев номидаги Евросиё миллий университети филология факультети декани Шолпан Жаркинбекова ТАССга берган интервьюсида шундай фикрни билдирди.

"Ҳар бир суверен давлат ўзининг ривожланиш йўлини танлайди. Тил соҳасида ҳам худди шундай. Ўз олдига дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қаторига кириш мақсадини қўйган Қозоғистон бу борада лотин графикасини танлади. У дунёда энг кенг тарқалган инглиз тили алифбоси учун асос бўлган. Ушбу тилда бугунги кунда мавжуд барча маълумотлар, илмий, техник ва маданий ахборотларнинг 90 фоиздан ортиғи сақланади ва ҳосил бўлади", - деган Жаркинбекова.

Унинг айтишича, бугунги кунда қозоғистонликлар шундоғам лотин ёзувидан фойдаланиб келади. 

Профессор, янги лотин ёзувига асосланган алифбога тўлиқ ўтиш учун 8 йил борлигини эслатар экан, (режа бўйича 2025 йилда ўтилиши керак) бу вақт ичида жиддий тайёргарлик кўриш лозимлигини таъкидлаган. 

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, мазкур кенг қамровли лойиҳа сарфланадиган маблағлар "харажат эмас, балки келажакка киритилаётган сармоядир". 

Профессорнинг қайд этишича, олимлар бу борада улкан ишларни амалга оширишлари керак. Айни вақтда, қозоқ тилининг барча товуш хусусиятларини акс эттирадиган алифбони ишлаб чиқиш зарур. 

Жаркинбекова қозоқ тилининг лотин ёзувига асосланган алифбога ўтишидан кутилаётган ижобий натижаларни санаб ўтди. "Бу лотин ёзувидан фойдаланаётган мамлакатлар билан мулоқотимизни енгиллаштиради. Турли туркий тилли мамлакатларнинг ўзаро яқинлашуви томон қадамдир. Бу, шунингдек, Европа тилларини ўрганишда қулайлик тақдим этади", - дейди профессор.