Тармоқда Skoda’нинг концептуал купесифат йўлтанламаси - Vision E расмий фотосуратлари пайдо бўлди. Автомобиль кенг оммага ушбу ҳафтада Шанҳайдаги автосалонда намойиш этилади.

Нусха узунлиги 4645 миллиметр бўлиб, эни – 1917, баландлиги эса - 1550 миллиметрга тенг. Ғилдирак базаси ҳажми эса 2850 миллиметрни ташкил этади. Машина дизайнининг энг ёрқин жиҳатларидан бири – бу такрорланмас нурдиодли асосий чироқ фаралари бўлиб, у Volkswagen концернининг MEB модулли негизида яратилган ҳамда электромобиллар учун махсус ишлаб чиқилди.

Autohome сайтининг ёзишича, купесифат йўлтанламас «фольксвагенли» модуль негизида қурилган. Янгилик электр куч қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, умумий қуввати 306 от кучини ташкил этадиган иккита электромотордан иборат. Машинанинг максимал тезлиги – соатига 180 километр, юриш масофаси захираси – 500 километр.

Салонда бешта экран, смартфонлар учун бир неча симсиз қувватлантириш қурилмаси ва автомобиль эшиклари очилганда 20 даражага қайрилувчи ўриндиқлар бор. Ўриндиқлар эшиклар ёпилганда ўзининг одатий ҳолатига қайтади. Бундан ташқари, нусха автоном бошқарув тизимига эга бўлиб, у ҳаракат полосасини ўзгартириши ва автомобилни тирбандликда бошқариши мумкин.

Skoda Vision E серияли ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ масала ҳозирча номаълум. Аввалроқ компанияда марканинг биринчи электрокари 2020 ёки 2021 йилда пайдо бўлиши маълум қилинганди.